Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги мутасаддилари ҳамда Япониянинг “Kyushu Institute of Technology” профессорлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда мазкур лойиҳа ва уни амалга ошириш тартиблари муҳокама этилди.
Бугунги кунда барча ривожланаётган давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам космик тадқиқотларни олиб бориш, замонавий технологияларни жорий этиш, тармоқ учун етук кадрлар тайёрлаш борасида жаҳон космик бозорининг энг йирик ва лидер давлатлари, нуфузли агентликлар ҳамда топ университетлар билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилаяпти.
Хусусан, «Ўзбеккосмос» агентлиги мамлакатда космик таълимни янада ривожлантириш, ёшларнинг техник – муҳандислик, астронавтика ва астраномия каби йўналишларда билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Туркия, Озарбайжон билан қўшма таълим лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириб келмоқда.
Япониянинг илғор олийгоҳларидан бири ҳисобланган “Kyushu Institute of Technology” билан имзоланган келишув ҳам 7 нафар ёш муҳандис-конструкторларни 2 йил давомида магистратура босқичида космик аппаратларни лойиҳалаш, йиғиш ва синовдан ўтказиш йўналишида ўқитиш имкониятини тақдим этади. Бу вақт оралиғида улар япониялик тажрибали профессорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг биринчи илмий – технологик сунъий йўлдоши “6U Cubsat”ни яратиб, орбитага учиришлари режа қилинган.
Қайд этиш лозим, мазкур лойиҳани амалга оширишда Давлатимиз раҳбарининг “2024 — 2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.