in

Ўзбекистон ва Малайзия яримўтказгичлар соҳасида қўшма корхона тузишга келишиб олди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия ҳукумати ҳузуридаги Миллий амалиёт тадқиқот ва ишланмалар маркази (MIMOS)га ташриф буюриб, Mimos Berhad компанияси бош директори Саат Шукри Эмбонг билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Томонлар яримўтказгичлар саноатида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистонда яримўтказгичларни йиғиш ва синовдан ўтказиш учун аутсорсинг базасини яратиш ҳамда ўзбек-малайзиялик микроэлектроника технологиялар паркини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Ушбу парк таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва тажриба-эксперимент ишларини бирлаштириши кутилмоқда.

Малайзия томони мутахассислар тайёрлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистонда иқтидорли кадрларни саралаш ва ўқитиш учун катта имкониятлар мавжуд экани қайд этилди. Шу муносабат билан MIMOS инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда кадрлар тайёрлаш, шунингдек, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилган.

Музокаралар якунида Ўзбекистонда қўшма корхона ва мутахассислар малакасини оширишга йўналтирилган махсус академия ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Лойиҳада MIMOS ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси иштирок этади.

Mimos Berhad раҳбари компания делегацияси яқин ойларда Ўзбекистонга ташриф буюриб, лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини батафсил ўрганишини маълум қилди.

Mimos Berhad Миллий маркази 1984 йил 17 октябрда Малайзия Микроэлектрон тизимлар институти сифатида ташкил этилган бўлиб, дастлаб Бош вазир департаменти таркибида фаолият юритган. Кейинчалик у Малайзия Фан, технология ва инновациялар вазирлиги тасарруфига ўтди. Марказ инновацион технологияларни ишлаб чиқиш, яримўтказгичлар ва микроэлектроника соҳасидаги тадқиқотларни амалий қўллаш орқали мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини тезлаштириш билан шуғулланади.