in

Тошкентда “Hotel Business Forum-2025” ўз ишини бошлади

Тошкент, Ўзбекистон — 25 февраль куни “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида “Hotel Business Forum-2025” тадбири бўлиб ўтмоқда.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдухакимов (видеомурожаат) ва Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев очиб бердилар.

“Барчангизга маълумки, туризм соҳаси Ўзбекистон Президентининг илғор ислоҳотлари ҳамда Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида мутлақо янги босқичга чиқди, – деди Азиз Абдухакимов. – Соҳада йилдан йилга ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани қувонарли ҳолат. Шу ўринда қайд этиш лозимки, туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 51 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Ҳудудларда 124 та янги меҳмонхона ва 239 та хостеллар фаолияти йўлга қўйилиб, жами жойлаштириш объектлари сони 6,1 мингтадан, улардаги ўринлар сони 161 мингдан ошди”.

Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев форум иштирокчиларини қутлар экан, ушбу форум олтинчи маротаба ўтказилаётганлиги, йилдан йилга унинг иштирокчилари кўлами ортиб бораётганлиги мазкур платформа мамлакатимизда меҳмонхона бизнеси ривожи учун муҳим аҳамиятга эканлигини яққол тасдиғи эканлигини таъкидлади. “Бугунги форумимиз кун тартиби ва сессиялари меҳмонхона бизнесида рақамли трансформация, яшил технологиялар, инклюзив ва барқарор ривожланиш каби соҳамиз учун энг долзарб масалаларга қаратилган. Барчамизга маълумки, туризм соҳасининг ҳар бир йўналиши шу жумладан меҳмонхона бизнеси йўналиши ҳам жадал ривожланиб бормоқда”, – деди Умид Шадиев.

Туризм қўмитаси кўмагида Ўзбекистон Меҳмонхоналар уюшмаси томонидан ташкил этилган 2025 йилги форум “Инновациялар ва барқарорлик: меҳмондўстлик саноатидаги янги технологиялар” мавзусига бағишланган. Унда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Италия, Россия, Чехия, Германия, Швейцария ва бошқа давлатлардан экспертлар, меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар, маркетологлар, меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи провайдерлар, глобал брендлар вакиллари иштирок этмоқда.

Тадбирда, шунингдек, HG, Hilton Worldwide, Radisson Hotel Group, Wyndham Hotels & Resorts, Accor Hotel Group каби дунёга машҳур халқаро меҳмонхоналар тармоқларининг минтақавий етакчилари ҳам қатнашмоқда.

Қайд этиш жоизки, форумнинг биринчи кунида қатор сессиялар ўтказилди. Мутахассислар “Меҳмонхоналарнинг барқарор келажаги учун яшил технологиялар”, “Рақамли трансформация: меҳмонхона бизнесини ўзгартирувчи технологиялар”, “Ўсиш омиллари: меҳмонхона бизнесида самарали сотиш стратегиялари”, “Муваффақият таъми. Қандай қилиб жозибали озиқ-овқат брендини яратиш мумкин”, “Инклюзивлик-меҳмондўстлик соҳасидаги талаб омили сифатида” ва бошқа шу каби долзарб мавзуларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Бундан ташқари, тадбирда меҳмонхона хизматларининг етакчи провайдерлари бўлган «HoReCa» сегменти учун тўлиқ маҳсулот ва хизматларни тақдим этувчи Интерактив B2B кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма мебель, интерьер буюмлари, профессионал тўқимачилик, кийим-кечак, хавфсизлик тизимларини автоматлаштириш ва бошқа соҳаларни қамраб олди.

“Hotel Business Forum-2025” 26 февраль куни давом этади. Тадбирнинг иккинчи кунидан муҳим мавзуларни қамраб оладиган сессиялар, муҳокамалар ва IV Миллий меҳмондўстлик мукофотини топшириш маросими ўрин олган.