in

Антониу Кошта: Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳақида

Тошкент, Ўзбекистон — Самарқандда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги биринчи саммитда Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта минтақа ва Европа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, стратегик ҳамкорлик келажагини белгилаб берадиган асосий масалалар юзасидан фикр билдирди.

Ўз нутқида у Ўзбекистонга кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда Самарқанд каби қадимий шаҳарнинг кўп асрлик маданий мулоқотлар рамзи сифатидаги аҳамиятини эътироф этди.

Кошта таъкидлашича, жорий йил Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Бу эса ўтган йиллар давомида шаклланган чуқур алоқаларни тан олиш ва янада ривожлантириш вақтидир. Унинг сўзларига кўра, Европа ва Марказий Осиё савдо билангина эмас, балки узоқ тарихга эга бўлган илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувлар орқали ҳам боғланган.

Антониу Кошта нутқида глобал муаммолар — иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу соҳаларда ҳамкорликда ишлаш барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун жуда муҳим эканини таъкидлади.

Шу муносабат билан, у Самарқандда ўтказилган иқлим форумини минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам сифатида қайд этди.

Кошта, шунингдек, Европа Иттифоқи минтақага энг йирик инвесторлардан бири ва иккинчи катта савдо ҳамкори эканини таъкидлади. Бироқ, у муносабатлар ҳали ўз салоҳиятига тўлиқ етмаганини, Самарқанд саммити эса бу йўлда реал ва динамик ҳамкорлик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилишини билдирди.

Унинг нутқидаги яна бир муҳим мавзу — хавфсизлик масаласи бўлди. У хавфсизликка таҳдидлар энди трансмиллий тус олиб, барча минтақаларга таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Кошта ушбу таҳдидларга қарши курашиш учун икки томонлама, минтақавий ва кўп томонлама даражада саъй-ҳаракатлар зарурлигини билдирди.

У терроризм ва зўравон экстремизмга қарши курашиш масалаларидаги мулоқотни кучайтиришни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида чегара масаласи бўйича эришилган яқиндаги келишув бутун минтақа учун муҳим қадам эканини қайд этди.

Афғонистондаги вазиятга тўхталар экан, Кошта бу мамлакатдан келиб чиқиши мумкин бўлган таҳдидлар — терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ва зўравон экстремизм хавфларини таъкидлаб ўтди. У Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг ушбу хавфларга қарши биргаликда ҳаракат қилиши муҳимлигини билдирди.

Глобал хавфсизликка таҳдидлар мавзусини давом эттирар экан, Европа Кенгаши раҳбари Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлиги бугунги кундаги энг жиддий таҳдидлардан бири эканини, бу фақат Европа ва Украинани эмас, балки бутун халқаро тартибни ҳам хавф остига қўяётганини билдирди. У Европа Иттифоқи Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини ва бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини билдирди.

Антониу Кошта нутқининг якунида, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликнинг келажаги борасида оптимизм билдирди. Унинг сўзларига кўра, ушбу саммит ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. «Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон бунчалик кучли бўлмаган. Энди эса олға интилиб, стратегик ҳамкорликнинг янги саҳифаларини ёзиш вақти келди», — деди у.