Тошкент, Ўзбекистон — Радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “КОНТАКТ – Марказий Осиё: радиологик ва ядровий материалларнинг ноқонуний айланишини олдини олиш бўйича салоҳиятни ошириш” деб номланган икки йиллик дастури ўз ишини бошлади.
Мазкур дастур доирасида жорий йилнинг 2-3 декабрь кунлари Италиянинг Турин шаҳрида БМТнинг Жиноятчилик ва одил судлов масалалари бўйича Минтақалараро илмий-тадқиқот институтининг штаб квартирасида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идораларининг мутахассислари иштирокида биринчи минтақавий учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси мутахассислари билан бир қаторда Божхона қўмитасининг масъул ходимлари ҳам фаол иштирок этишди.
Мазкур лойиҳа давлат хавфсизлик органлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари радиоактив ва ядровий материаллар бўйича ноқонуний савдога уринишларнинг олдини олишга қаратилган оператив тадбирларни ўтказиш бўйича салоҳиятни ошириш, барқарор кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш, тренерларнинг машғулотларни ўтказиш қобилиятини ошириш, ядро қуроллар ва радиоактив моддаларнинг ноқонуний айланишини текшириш масалаларда минтақавий ҳамкорлик ва алоқаларни ривожлантиришга қаратилган.
Лойиҳа 2024-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, ушбу ҳамкорлик нафақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг салоҳиятини оширишга, балки минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам қаратилган.