in

Депутатлар аҳоли ўртасида йод танқислигининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар

Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликларининг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир қатор ваколатлар берилмоқда. Яъни, тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини ёдлашда ишлатиладиган йод препаратлари таркиби, уларга қўйиладиган талаблар, тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини ёдлаш, тузни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотишга қўйиладиган санитария-гигиена талабларини белгилайди.

Шунингдек, ёдланган туз ва ёдланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши назоратини олиб боради.

Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини эндемик буқоқ касаллигининг олдини олиш мақсадида профилактик тадбир тўлақонли амалга оширилади, аҳолининг эҳтиёжи учун зарур бўлган сифатли ва хавфсиз бўлган ош тузи билан таъминоти тўлиқ қопланади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.