Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Мамлакатимизда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат иштирокчилари учун қулай ва хавфсиз шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини тротуарлардан, пиёдалар ва велосипед йўлкаларидан ҳамда уларга туташ ҳудудларда барпо этилган яшил майдонлардан юргизиши, шунингдек йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ноқонуний тўсиқларни ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасининг айрим нормалари бўйича саволлар ўртага ташланди ва қонун ташаббускорлари ҳамда соҳа мутахассисларининг жавоблари эшитилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси йўлларда пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг эркин ҳаракатланишига шароит яратишга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.