in

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига $10 000 миқдорида мукофот берилади

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжат фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги шарафига қабул қилиниб, фахрийларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Фармонга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бир марталик мукофот сифатида $10 000 миқдорида пул маблағи ажратилади.

Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, уруш даврида меҳнат фронтида фаолият юритганларга эса 3 миллион сўм миқдорида мукофот берилади.

Бундан ташқари, давлат раҳбари 80 йиллик Ғалабани нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича қарорни ҳам имзолади. Тасдиқланган дастурга кўра, 2025 йил 9 май куни соат 21:00 да Тошкентдаги «Янги Ўзбекистон» боғида байрам фейерверки ташкил этилади. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва пойтахт хокимияти ташкил қилади.

Иккинчи жаҳон уруши давомида фронтга тахминан 2 миллион ўзбекистонлик сафарбар этилган. Улардан 538 мингдан ортиғи ҳалок бўлган, 158 минг киши бедарак йўқолган. Мустақиллик йилларида эса 200 га яқин ҳарбий ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари Ватан ҳимояси йўлида ўз жонини фидо қилган.