in

Маҳкумлар китоб ўқиш орқали жазо муддатини қисқартиришлари мумкин – қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда маҳкумларни ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этиш ҳамда маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормалари билан уйғунлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Лекин қонунчиликка илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини рағбатлантиришга қаратилган нормаларни киритиш зарурати юзага келмоқда.

Ушбу лойиҳа билан Жиноят кодексига китоб ўқишга жалб қилиш орқали маҳкумларни ахлоқан тузатиш бўйича янги 741-модда  киритилмоқда. Унга кўра, фақат жазо муддатини тўлиқ ўташи лозим бўлган маҳкумларга нисбатан тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқиган ва белгиланган тартибда имтиҳон топширган тақдирда жазосини 3 кунга қисқартириш назарда тутиляпти.

Ушбу Кодекснинг 73, 74-моддалари асосида эса жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки енгилроғи билан алмаштириш масаласини ҳал этиш вақтида инобатга олиниши белгиланяпти.

Бундан ташқари, ўзини ўзи тарбиялаш йўли билан тузалиш йўлига ўтганлигини тасдиқловчи ҳаракатларни бажариши муносабати билан жазо муддатини қисқартиришни процессуал тартиблари ҳамда зарур бўлган адабиётлар билан таъминлашни белгилаш бўйича Жиноят-процессуал кодекси 5361-моддаси, Жиноят-ижроия кодекси 801-моддаси билан тўлдириш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.