in

Олий таълим вазирлиги хусусий олий ўқув юртлари учун янги тўловни жорий этиш қарорига изоҳ берди

Тошкент, Ўзбекистон — Республика олий таълим кенгаши нодавлат нотижорати ташкилоти сифатида фаолият юритиб, давлат функцияларини амалга оширмайди ва қарорлари мажбурий кучга эга эмас. У ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига амал қилади ҳамда фақат тавсиявий характерга эга таклифлар ишлаб чиқади.

Кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида республика олий таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, таълим сифатини таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, олий таълим муассасаларининг миллий ва халқаро рейтинг кўрсаткичларини мунтазам таҳлил қилиб бориш ва уларни халқаро рейтингларга киришига кўмаклашиш ва бошқалар ҳисобланади.

Бугунги кунда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва таълим сифатини яхшилаш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Кенгаш билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Мажлисда иштирок этган 208 та олий таълим ташкилотлари ректорлари томонидан муҳокамага қўйилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар асосида келгусида амалга ошириладиган масалалар юзасидан Кенгаш аъзоларининг коллегиал қарорлари қабул қилинган.

Муҳокамага сабаб бўлган нодавлат олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт шаклидаги ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 4 фоизини олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш мажбурияти кўзда тутилмаган. Ҳар қандай маблағ билан боғлиқ ҳаракатлар ва муносабатлар тегишли шартномалар асосида амалга оширилиши мумкин.

Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилиги шартнома эркинлигини кафолатлайди. Кенгаш доирасида ёки қонунчиликка мувофиқ бундай муносабатларни мажбурлаш учун механизмлар мавжуд эмас. Шу боис, ҳар қандай молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлар томонларнинг ихтиёрий келишувлари асосида амалга оширилиши табиий ҳолатдир.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни нодавлат нотижорат ташкилотнинг ички иши сифатида баҳолайди.

Шунингдек, вазирлик ҳар қандай молиявий ҳаракатлар ёки манфаатлар поймол этилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар қабул қилишга ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини билдиради. Барча мурожаатлар асосида тегишли чоралар кўрилиб, қонуний манфаатлар ҳимоя қилиниши таъминланади.