in

Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон — Мамлакатимиз пойтахти парламентаризм оламидаги энг муҳим воқеа – Парламентлараро иттифоқнинг (ПИ) 150-юбилей ассамблеясига тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Тошкентда Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитасининг ташкилий масалалар юзасидан йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзи билан иштирок этди.

Сенат Раиси ўз нутқида ПИ раҳбариятига, хусусан, Иттифоқ Президенти Тулия Эксон ва Бош котиб Мартин Чунгонг 150-юбилей Ассамблеяни Ўзбекистонда ўтказишга розилик билдиргани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тадбирнинг юртимизда ўтказилиши мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг халқаро даражадаги эътирофи экани таъкидланди.

Т.Нарбаева ўз чиқишида ижтимоий адолат, камбағалликка барҳам бериш ва заиф қатламларни ҳимоя қилиш масалаларининг долзарблигини қайд этиб, бу борада парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламентининг ПИ фаолиятидаги иштироки тобора фаоллашаётгани таъкидланди. Президент Ш.Мирзиёевнинг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси ПИ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани қайд этилди:

– Миллий парламентимиз, хусусан Сенат жаҳон кун тартибидаги устувор йўналишлар бўйича ушбу халқаро тузилма билан бундан буён ҳам самарали, конструктив мулоқотни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирмоқчиман.

Шу билан бирга, ПИ Ижроия қўмитаси фаолияти юқори баҳоланиб, унинг парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятига урғу берилди. ПИ билан ўзаро ҳамкорлик доирасида Бухоро ва Тошкент шаҳарларида халқаро парламент форумлари ҳамда ПИга аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити муваффақиятли ўтказилгани ҳам таъкидланди.