Тошкент, Ўзбекистон — Қозондаги Ўзбекистон Бош консулхонаси маълумотига кўра, Россиянинг Пермь ўлкасида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлди.
Дипломатик ваколатхона маълумотига кўра, ҳодиса 22 февраль куни соат 06:00 атрофида Осинск туманида содир бўлган. Ўзбекистон давлат рақамига эга Lada Largus (75В435NA) автомобили SIMAZ автобуси билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида уч киши ҳалок бўлди: Э. Ф. А. ва Ж. А. Ш. ҳодиса жойида вафот этган, О. А. М. эса касалхонада жароҳатлар сабабли вафот этган. Шунингдек, С. Б. И., Р. М. А. ва К. Ф. Ж. турли даражадаги жароҳатлар олган ва Осинск марказий туман касалхонасига ётқизилган.
Пермь ўлкаси Давлат автоинспекцияси дастлабки маълумотларига кўра, Lada Largus ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан ҳаракатланиб, тартибга солинмаган чорраҳада бош йўлда кетаётган автобусга йўл бермаган ва оқибатда тўқнашув содир бўлган.
Ҳодиса юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.
Қозондаги Ўзбекистон Бош консулхонаси вазиятни назоратда ушлаб турибди. «Марҳумларнинг жасадларини юртга қайтариш жараёни якунланди, жабрланувчиларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», — дейилади консулхона хабарида.
Қўшимча маълумот олиш учун Бош консулхона билан боғланиш мумкин:
+7−843 526−55−63
+7−843 526−55−64
+7−843 526−55−65