in

Сенатда Вьетнам элчиси билан икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон — 2025 йил 24 март куни Олий Мажлис Сенатида Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари О.Маматкаримов Вьетнам Социалистик Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси  Дань Мин Кхой билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, шу жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2024 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 189,3 млн АҚШ долларини ташкил этган, шундан экспорт 17,7 млн доллар, импорт эса 175,6 млн долларни ташкил қилди.

Шунингдек, учрашувда туризм соҳасидаги улкан салоҳиятга эътибор қаратилди. Давлатлар фуқаролари ўртасида ўзаро туристик ташрифларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўтказилиши ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, ушбу нуфузли тадбир тарихда биринчи бор Ўзбекистонда ўтказилмоқда ва унда Парламентлараро иттифоқнинг 190 га яқин аъзо давлатларидан 2 000 нафарга яқин парламент аъзолари иштирок этади.

Элчи Вьетнам Миллий Мажлиси Раиси Чан Тхань Ман бошчилигидаги 120 нафарга яқин делегация аъзолари ҳам мазкур Ассамблеяда иштирок этишини маълум қилди.

Учрашув якунида Парламентлараро иттифоқ анжуманига тайёргарлик ишлари, ташкилий масалалар ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.