Тошкент, Ўзбекистон — Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Минниханов Қорақалпоғистон делегациясини қабул қилди. Делегацияга Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Расул Зарифқулов раҳбарлик қилди.
Томонлар Татаристон ва Қорақалпоғистон ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳоладилар, жумладан, Қозонда Қорақалпоғистон Маданият кунларининг муваффақиятли ўтказилгани ва жорий йил май ойида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувнинг имзоланганини таъкидладилар.
Учрашувда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро ташрифлар, сайёҳлик тадбирлари ва талабалар алмашув дастурларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.