Тошкент, Ўзбекистон — 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда аҳолининг, айниқса ёшларнинг санитария ва гигиена воситаларига бўлган имкониятини кенгайтиришга қаратилган «Тоза қўллар» дастури амалга оширилади.
Ушбу лойиҳа 30 январь куни президент фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури доирасида амалга оширилади.
Дастур доирасида барча тиббиёт ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойлари ташкил этилиб, улар зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланади. Шунингдек, санитар-гигиена хоналарининг (ҳожатхона ва душ) техник ҳолатини яхшилаш кўзда тутилган. Янги биноларда бундай хоналар мажбурий равишда бино ичида жойлаштирилади.
Ижтимоий муассасалар қўл ювиш воситалари ва антисептиклар сотиб олишни ўз харажатларида устувор йўналиш сифатида режалаштириши шарт. Май ойидан бошлаб жамоат ҳожатхоналари ва умумий овқатланиш муассасаларида санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбурий бўлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига зарурат туғилганда бюджет ташкилотларига қўшимча маблағ ажратиш вазифаси топширилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига бир ой муддатда санитария-гигиена тадбирлари учун молиялаштириш нормалари қайта кўриб чиқиш ва назоратни кучайтириш топширилди.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлиги 1 августгача Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ мутахассисларини жалб қилган ҳолда ижтимоий муассасалар, умумий овқатланиш жойлари ва шаҳарлараро йўллар бўйидаги санитар зоналарда санитария-гигиена тизимини яхшилаш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиши керак.