Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент вилоятидаги «Ангрен» кўмир конида БелАЗ русумли автоағдаргич иштирокида бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Натижада ҳайдовчи ҳалок бўлди.
Ҳодиса 5 март куни тахминан соат 10:15 да рўй берган. Тоғ жинсларни тўкиш вақтида орқага сирпаниб, ағдарилиб кетган ва ёнғин келиб чиққан.
Воқеа жойига «Ўзбеккўмир» корхонасига қарашли ёнғин ўчириш бўлинмалари тезкорлик билан етиб келиб, ёнғинни бартараф этган.
Автоағдаргич ҳайдовчиси А. Ахмеджанов жиддий жароҳатлар олган. Унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилган ва Ангрен марказий касалхонасига етказилган. Аммо шифокорларнинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
«Ўзбеккўмир» раҳбарияти ҳалок бўлган ҳайдовчининг оиласига ҳамдардлик билдирди.
Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодиса сабабларини ўрганиб, текширув ишларини олиб бормоқда.