Тошкент, Ўзбекистон — Тошкентда бўлиб ўтган манфаатдор томонлар йиғилиши Ўзбекистон мактабларида овқатланиш дастурларини кучайтириш бўйича стратегияларини муҳокама қилиш учун асосий экспертларни бир жойга жамлади. Йиғилишда мавжуд ташаббусларни, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жорий этилаётган мактабларда бепул овқатланиш пилот дастурини ҳар томонлама такомиллаштириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқинда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Ўзбекистондаги мактабларда овқатланиш дастурини кенг қамровли баҳолашни якунлади, бунда истиқболли асослар ва такомиллаштириш йўналишлари белгилаб берилди. 2024 йилда бошланган “Ўзбекистон мактабларида овқатланиш дастурлари орқали озиқ-овқат хавфсизлигини такомиллаштириш ва ривожлантириш” (TCP/UZB/3907) ташаббуси мамлакатдаги мактаб овқатланиш дастурлари салоҳиятидаги камчиликларни бартараф этишда мавжуд илғор тажрибаларга асосланишга қаратилган.
“Ўзбекистон мактабларда овқатланиш дастурларини ишлаб чиқишда сезиларли ютуқларга эришди, бу дастурни озиқ-овқат хавфсизлиги ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишига айлантирди. Бироқ, узоқ муддатли натижа учун асосий масалаларни ҳал қилиш муҳим: молиявий барқарорликни таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш. Болаларга ҳам, умуман, аҳолига фойда келтирадиган барқарор ва инклюзив мактаб овқатланиш тизимларини яратиш секторлар бўйлаб ҳамкорликни кучайтиришни, овқатланиш бўйича таълим дастурларини ва мактаб овқатланиш тизими ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги ўртасидаги мустаҳкам алоқани талаб қилади. FAO Ўзбекистонни ушбу муҳим йўлда қўллаб-қувватлашда давом этмоқда”, — деди FAOнинг мактабларда овқатланиш бўйича халқаро эксперти Флавия Швартсман.
Ушбу кўмак Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, уни янада кенгайтириш учун мустаҳкам сиёсий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Унинг доирасида ҳозирда мақсадли ҳудудларда 1-4-синфларнинг барча ўқувчилари бепул овқат билан таъминланмоқда.
Ушбу ижобий ўзгаришларга қарамай, баҳолаш бир нечта муаммоларни аниқлади. Ҳозирги кунда ҳар бир болага кунига 5660 сўмдан ажратилаётгани сифатли, тўйимли озиқ-овқат билан таъминлаш учун етарли эмаслигини кўрсатмоқда. Инфратузилма йўқлиги муҳим тўсиқ бўлиб қолмоқда: мактаб ошхоналарининг 42 фоизи таъмирталаб, мактабларнинг 31,4 фоизида эса умуман ошхона йўқ. Бундан ташқари, дастур тармоқлараро ҳамкорлик ва овқатланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги стандартлари бўйича тўлиқ бўлмаган меъёрий-ҳуқуқий базадан азият чекмоқда.
“Ўзбекистонда мактабларда овқатланиш дастури давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак билан мустаҳкам асосга эга. Бироқ, бизнинг SWOT таҳлилимиз шошилинч эътибор талаб қиладиган асосий соҳаларга эътибор қаратади. Тармоқлараро тизимли механизмнинг йўқлиги мувофиқлаштириш механизмининг тарқоқлигига, молиявий чекловлар эса овқатланиш сифатини чекланишига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, инфратузилмадаги бўшлиқлар (мактаб ошхоналарининг 40% дан ортиғи таъмирталаблиги) дастурни кенгайтириш учун қийинчилик туғдиради. Ҳақиқатан ҳам барқарор мактаб овқатланиш тизимини яратиш учун бошқарувни кучайтириш, узоқ муддатли молиялаштиришни таъминлаш ва мактабда овқатланиш учун маҳаллий қишлоқ хўжалиги тизимларида маҳсулот етказиб бериш занжирлари билан бирлаштириш лозим. Интеграциялашган ёндашув ҳар бир боланинг тўйимли ва хавфсиз озиқ-овқат билан таъминланишига асос бўлади, бу эса бутун мамлакат бўйлаб ҳам саломатлик, ҳам таълим натижаларини яхшилайди”, — деди FAOнинг овқатланиш бўйича миллий эксперти Лола Исакова.
Йиғилишда Ўзбекистонда мактабларда овқатланиш дастурларини кучайтириш бўйича ўнта асосий йўналишни ўз ичига олган кенг қамровли тавсиялар тақдим этилди. Аниқроқ айтганда, миллий даражада мактаб овқатланишини яхшилаш учун турли соҳаларни қамраб олган мувофиқлаштирилган механизм яратиш муҳим вазифа сифатида кўрилмоқда. Бу жараёнга мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва молия вазирликлари жалб этилади. Мутахассислар шуни таъкидлаяптики, мактаб овқатлантириш тизими фақат таълим тизимининг иши бўлиб қолмаслиги керак. У соғлиқни сақлаш, ижтимоий ривожланиш ва қишлоқ хўжалиги мақсадлари билан интеграциялашган ҳолда кўриб чиқилиши керак. Шу билан бирга, минтақавий озиқ-овқат одатлари ва хавфсизлиги инобатга олиниши, аниқ стратегик мақсадлар белгиланиши лозим. Бошқача айтганда, мактаб овқатланишини яхшилаш учун турли соҳалар биргаликда ҳаракат қилиши ва умумий стратегия ишлаб чиқилиши керак.