Тошкент, Ўзбекистон — Хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгаши ҳамда мажоритар акциядорларининг масъулиятини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда корпоратив муносабатларни ривожлантириш ҳамда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Лекин шунга қарамай, хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгаши аъзоларнинг мажбуриятларини, мажоритар акциядорларининг (иштирокчиларининг) умумий мажбуриятларини ҳамда мазкур мажбуриятлар бўйича жавобгарликни белгилашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурати юзага келмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунларга хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгаши аъзоларининг мажбуриятларини, мажоритар акциядорларининг (иштирокчиларининг) умумий мажбуриятлари ҳамда мазкур мажбуриятлар бўйича жавобгарликни аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдириб ўтди. Лойиҳада ўз аксини топган айрим нормалар бўйича берилган аниқлаштирувчи саволларга қонун ташаббускорлари томонидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши хўжалик жамиятларининг ижро органи, кузатув кенгаши, мажоритар акциядорларининг (иштирокчиларининг) масъулияти оширилишига ҳамда жамият ва акциядорларнинг (иштирокчиларининг) манфаатлари ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.