Тошкент, Ўзбекистон — Мажлисда ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.
Мамлакатимизда эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда нафақат давлат органлари, балки фуқароларимиз ҳам хайрия, эҳсон ва саховат ишларида ташаббускорлик кўрсатмоқда.
Лекин амалдаги қонунчилигимизда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби, бу соҳадаги субъектлар фаолиятининг очиқлиги, уларга ажратилган маблағлар сарфланишининг шаффофлиги тизими мукаммал эмас. Шунингдек, ҳомийлик тўғрисидаги тартиб-қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам белгиланмаган.
Бу эса фуқароларнинг асосли эътирозларига, ҳомийлик фаолияти билан қонуний ва виждонан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига бўлган ишончнинг сусайиши ҳамда айрим шахсларнинг ҳомийлик маблағларини ўзлаштиришга сабаб бўлмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси ҳомийлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий қилиш, ҳомийлик ташкилотларининг фаолияти очиқлигини ва фуқароларнинг уларга нисбатан ишончини ошириш ҳамда ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш учун пул маблағларини йиғишни қонуний тартибга солишни назарда тутади.
Лойиҳада ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари, ҳомийлик хайрияларини йиғиш, хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиблари, шунингдек, ҳомийлик хайриялари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ва бу жараённинг очиқлигини таъминлаш шартлари белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олиш, ҳомийлик ташкилотлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларга нисбатан фуқаролар ишончининг ортишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.