Тошкент, Ўзбекистон — 24-25 январь кунлари Тошкент вилоятида Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан ташкил этилган семинар бўлиб ўтди. Семинар 2025 йил – «Экологияни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йили» доирасида соҳа ривожланишига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари туфайли ўрмонларни сақлаш борасидаги ижобий ўзгаришларни таъкидлади, бироқ мавжуд камчиликларга ҳам эътибор қаратди.
Семинарда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Зиновий Новицкий ва Туркиядан таклиф қилинган эксперт Аҳмет Ялвач маъруза қилдилар.
Хорижий тажриба ва ресурсларни жалб қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинди. Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Мўҳитдинов Жаҳон банки, KOICA ва ФАО билан амалга оширилаётган лойиҳалар экологияни яхшилаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда муҳим эканини таъкидлади.
Жаҳон банки вакили Асферасиу Абате «Ўзбекистонда барқарор ландшафтлар орқали барқарор турмуш» лойиҳаси нафақат табиатни асраш, балки аҳоли турмуш даражасини оширишга ҳам ҳисса қўшаётганини қайд этди. Лойиҳа ўрмон хўжалигини мустаҳкамлаш, ўрмонларни рақамли мониторинг қилиш, ўрмон ва шифобахш ўсимликлар билан боғлиқ даромад манбаларини ривожлантириш каби йўналишларни ўз ичига олади.
KOICA мутахассиси Юн Тэгсун 2024-2028 йиллар учун мўлжалланган лойиҳа ҳақида сўзлаб берди. Лойиҳага “ақлли” технологиялар ёрдамида ўрмонларни тиклаш, иссиқхоналар қуриш, писта кўчатлари етиштириш, тадқиқот станциясини барпо этиш ва шаҳарларни кўкаламзорлаштириш ишлари киради.
ФАОнинг бош техник маслаҳатчиси Наримон Нишонов ўрмон ва яйловлардан барқарор фойдаланиш лойиҳаси Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига мослашиши ва табиий ресурсларни самарали фойдаланишига ёрдам бериши ҳақида маълумот берди.
Семинар доирасида Ўрмон хўжалиги агентлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади.