Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистоннинг Мальтадаги биринчи элчиси Абат Файзуллаев (қароргоҳи Рим шаҳрида жойлашган) ушбу мамлакат Президенти Мириам Спитери Дебонога ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тантанали тадбирдан сўнг бўлиб ўтган қисқача мулоқот чоғида Мальта етакчиси Ўзбекистон Президенти томонидан олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат натижасида икки томонлама муносабатлар фаоллашганини таъкидлади. Мамлакатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан олисда жойлашган бўлсада, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Учрашувда халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ ва ЕХҲТ доирасидаги ўзаро ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида урғу қаратилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги бир йил ичида икки томонлама муносабатларда янги динамика кузатилди. Хусусан, икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари 2024 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши доирасида илк бор самарали учрашув ўтказдилар. Жорий йилнинг январь ойида Мальтанинг Ўзбекистондаги биринчи элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган) тайинланди, шунингдек, Валлетта шаҳрида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Абат Файзуллаев 2023 йил ноябрь ойидан буён Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси ва Римдаги халқаро ташкилотлар (ФАО, ҚХРХЖ, БООД) ҳузуридаги доимий вакили ҳамда 2024 йил декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг Кипрдаги элчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Абат Файзуллаев 2020-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Австриядаги ва ўриндошлик асосида Венгриядаги элчиси сифатида ишлаган. У бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Венадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили лавозимида фаолият олиб борган.