in

Ўзбекистон Бош прокуратураси Комил Алламжоновга суиқасд иши бўйича Россия Федерацияси фуқароларини қидирувга берди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Комил Алламжоновга қасддан суиқасд содир этилиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Тергов жараёнида Россия Федерацияси фуқаролари Бислан Расаев ва Шамил Темирханов бир қатор жиноят содир этгани аниқланди.

Расаев ва Темирханов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбланувчи сифатида сиртдан жавобгарликка тортилган ва уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ушбу шахслар халқаро қидирувга берилган.

Бислан Расаев ва Шамил Темирханов ҳақидаги маълумотлар Интерпол веб-сайтида жойлаштирилган.

Тергов органлари жиноятнинг барча ҳолатларини аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича ишларини давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрь куни тонгга яқин Қибрай туманидаги темир йўл кесишмасида номаълум шахслар Range Rover автомашинасига ўқ узган. Ушбу машинада Президент Администрациясининг собиқ ходими Комил Алламжонов бўлган. Ҳужумдан кейин жиноятчилар ҳодиса жойидан қочиб кетган. Автомобилда бўлган шахслар, жумладан ҳайдовчи, жабрланмаган.

Мазкур ҳодиса бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд) ва 248-моддаси (қурол-яроғни ноқонуний айлантириш) асосида жиноят иши қўзғатилган.