Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида БААнинг Шаржа амирлигида жойлашган «Ал-Қосимия» университети ректори Аввад Ал-Халаф билан музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Савдо-саноат палатаси раиси биринчи ўринбосари Даврон Қурбанов сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш ва чет эл инвестициясини жалб этиш бўйича ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди.
Ўз навбатида, Аввад Ал-Халаф университетнинг иқтидорли ўзбек талабалари ва тадбиркорларини қўллаб-қувватлашга қизиқиш билдириб, бакалавриат ва магистратура таълими учун грантлар ажратиш орқали таълим имкониятларини кенгайтириш нияти борлигини таъкидлади.
Шунингдек, IT, маркетинг ва ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар «Ал-Қосимия» университети ва Савдо-саноат палатаси кўмагида таълим маркази ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу марказ ўзбек ёшлари ва келажак тадбиркорларининг билим ва малакасини оширишга хизмат қилади.