Тошкент, Ўзбекистон — 2025 йилнинг 4 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Вьетнам Социалистик Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтди.
Делегацияларга ташқи ишлар вазири ўринбосарлари Илхом Хайдаров ва Ле Тҳи Тҳу Ҳанг бошчилик қилди.
Томонлар сиёсий-дипломатик ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболларини, савдо ва сармоявий соҳадаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, халқаро ташкилотлар доирасидаги мулоқотни чуқурлаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Л.Ҳанг: “Кўп йиллик тарих боғлаган Ўзбекистон ва Вьетнам қардош халқлар билан яқин давлатлардир. 1970-1980 йилларда Ўзбекистон таълим муассасаларида таҳсил олган 3 мингдан ортиқ ветнамлик талабалар мамлакатларимиз ўртасида “боғловчи кўприк” бўлиб хизмат қилиши мумкин. Мен уларнинг баъзиларини шахсан биламан – улар таниқли журналистлар ва дипломатлар. Жамиятда юксак мавқега эга бўлган Ўзбекистон-Вьетнам ҳамкорлигининг ривожланишига ҳисса қўшаётган инсонлардир”.
Турли даражадаги фаол алоқалар – ўзаро товар айирбошлаш ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида қўшма сармоявий лойиҳалар ҳажми ошиб бораётгани, икки мамлакат ўртасида сайёҳлар сонининг ортиши мамнуният билан қайд этилди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари, жумладан, олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинуви юзасидан фикр алмашилинди.
2025 йил апрель ойида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеясидаги иштироки доирасида Ветнам Миллий Ассамблеяси Раиси Тран Тҳанҳ Ман бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Биринчи навбатда ҳамкорлик учун савдо ва сармоявий соҳадаги мавжуд салоҳиятдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишларда шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Вьетнам ҳукуматлараро комиссияси имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди. Хусусан, Вьетнам томони Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) билан институционал ҳамкорлигини ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Томонлар, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.