in

Ўзбекистон ва Испания ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Мадрид шаҳрига ташриф доирасида Испания сенатори Антонио Луенго билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон-Испания икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболлари, жумладан, парламентлараро мулоқот ва икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари эътироф этилди. Ўзбекистон раҳбарияти Европа компаниялари учун инвестициявий муҳитни яхшилашга катта аҳамият бераётгани алоҳида таъкидланди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон-Испания ўзаро муносабатларининг барча соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Жумладан, савдо-иқтисодий, инвестиция масалалари билан бирга, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, сув танқислигини бартараф этиш, қишлоқ хўжалигига сувни тежовчи технологияларни қўллаш каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Айниқса, бу борадаги ишларни яна-да фаоллаштириш, алоқаларни мустаҳкамлашда парламент дипломатияси муҳим ўрин тутиши ҳамда ундан фойдаланиш икки томонлама муносабатларга ўзининг ижобий ҳиссасини қўшиши айтиб ўтилди.