Тошкент, Ўзбекистон — 2025 йил 27 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.Оллоёров ва Туркманистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири М.Силапов ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув ижтимоий ҳимоя соҳасининг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш билан бошланди. Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишларини батафсил муҳокама қилдилар.
Туркман томонини Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилган ишлар билан батафсил таништирилди, бир қатор йўналишларда эришилган сезиларли натижалар таъкидланди ҳамда келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Музокаралар натижасида томонлар бир қатор истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга келишдилар. Хусусан:
– маҳалла даражасида ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш, ижтимоий заиф аҳоли гуруҳларига хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш;
– ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун қараб туриш хизматлари тизимини ривожлантириш;
– ногиронлиги бўлган шахслар реабилитациясини такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш;
– ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнларини оптималлаштириш ва уларнинг қулайлигини ошириш мақсадида ижтимоий ҳимоя соҳасини рақамлаштириш.
Агентлик директори Туркманистон меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирини юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги лойиҳалар билан яқиндан таништириш ҳамда ҳамкорлик юзасидан батафсил музокаралар ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга таклиф қилди. Учрашув очиқ ва конструктив муҳитда, ишчан ва дўстона руҳда ўтди.