Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонга расмий ташриф билан Ўмон ташқи ишлар вазири Сайид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий келди. Уни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қабул қилди.
Саидов ўз нутқида Ўзбекистон ва Ўмонни чуқур тарихий ришталар боғлаб тураётгани ҳамда ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси катта эканини таъкидлади.
"Биз барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиламиз. Бугун шерикликни ривожлантириш ва икки томонлама муносабатларга янги суръат беришга қаратилган бир қатор ташаббусларни муҳокама қилдик", — деб ёзди Саидов ўзининг Telegram-каналида.
Томонлар шунингдек, жорий йилнинг май ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган "Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши – Марказий Осиё" Стратегик мулоқоти саммитига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.
"Икки томонлама кун тартиби турли даражалардаги тадбирлар билан бойитилмоқда, ва биз ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш учун фаол ҳаракат қилишга келишиб олдик", — деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.