Тошкент, Ўзбекистон — Бугун, 3 март куни Сенатда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов ва Миср Араб Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тамир Фатҳи Абдуссалом Ҳаммад ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда икки давлат парламентлари ўртасидаги муносабатлар, жумладан жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясида Миср парламенти делегациясининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди.
Меҳмонга бундай нуфузли тадбир Ўзбекистонда тарихда биринчи маротаба ўтказилиши ва унда Парламентлараро иттифоқнинг 190 га яқин аъзо давлатларидан қарийб 2 минг нафар парламент аъзолари иштирок этиши ҳақида маълумот берилди.
Т.Ҳаммад мазкур тадбирда иштирок этиш учун Миср Араб Республикаси Парламенти Раиси бошчилигида 14 нафар делегация аъзоси Ўзбекистонга ташриф буюришини таъкидлади.
Шу ўринда Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси билан боғлиқ ташкилий масалалар бўйича фикрлар алмашилди.