Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йил 14 декабрь куни Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Словакия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Виктор Боретский билан учрашди.
Конструктив руҳда ўтган музокаралар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва саноат кооперацияси кўламини кенгайтириш истиқболларига бағишланди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва агро-саноат комплекси, автомобиль ва машинасозлик, тўқимачилик саноати, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ахборот технологиялари ҳамда туризм каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун: Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги савдо айланмаси 83 фоизга ошди. Ўзбекистонда Словакия инвесторлари иштирокида 20 та компания ахборот технологиялари, таълим, қурилиш, логистика, металлургия ва тиббий ускуналар ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритмоқда.
Томонлар Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ишини қайта тиклашга ва унинг навбатдаги йиғилишини 2025 йилнинг иккинчи чорагида ўтказишга келишиб олдилар. Шунингдек, ҲК доирасида икки давлат ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилади.
Шунингдек, икки мамлакат инвестиция салоҳиятини ўрганиш ва ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида ишбилармон доиралари бизнес-миссияларини ташкил қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ташрифлар натижадорлигини ошириш учун делегацияларга ҳар томонлама ёрдамлашишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Учрашув якунида томонлар иқтисодий муносабатларни янада чуқурлаштиришга собит қолишини тасдиқлаб, муҳокама қилинган лойиҳалар ва ташаббусларни ўз вақтида амалга ошириш учун ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқдилар.