Тошкент, Ўзбекистон — 2024 йил 6 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси У.Шерматов Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вафо бинт Жобир Бин Носир ал-Бусаидий билан учрашди.
Учрашувда таъкидландики, икки давлат раҳбарияти олиб бораётган очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсат натижасида мамлакатлар ўртасида қисқа вақт ичида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилди.
Давлатларимиз халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида ҳам самарали алоқаларни ўрнатди.
Ўзбекистон ва Уммон Султонлигининг халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ эканини, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар мазкур ҳамкорликнинг асосини ташкил этиши алоҳида қайд этилди.
Уммон Султонлигининг элчиси Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов демократик тамойил ва халқаро нормаларга мувофиқ очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилганлигини таъкидлади.
Сайловларда кўплаб мамлакатларнинг вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этгани, бу Ўмон томонидан ижобий тажриба сифатида эътироф этилганини билдирди.
Меҳмон ўз сўзида давлатимиз раҳбарининг сиёсати натижасида мамлакатда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, парламент вакиллари орасида аёллар сонининг ошиши ушбу ишларнинг бевосита натижаси бўлганига эътибор қаратди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Уммон ўртасида иқтисодий, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик самарали олиб борилаётгани, ушбу ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича давлатларда барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Айниқса, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, уни янги босқичга олиб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.