Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев Руминия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Ана Тинкага Руминиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчи сифатидаги ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Руминия протоколига кўра, ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш маросими видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Онлайн мулоқот чоғида Ана Тинка икки томонлама муносабатлар юксак даражада эканини алоҳида таъкидлади ва яқинда Бухарестда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Руминия сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги даврасининг муваффақиятларини қайд этди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланиб, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар ҳамда ҳудудлараро алоқаларни йўлга қўйиш муҳимлигини қайд этдилар.
Учрашув якунлари бўйича 2025 йилда турли даражадаги ташрифлар, жумладан, ҳукуматлараро кенгашлар мажлисларини ўтказиш юзасидан келишувларга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Амирсаид Аъзамхўжаев Варшавага 2023 йилнинг ноябрь ойида ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси сифатида ўз фаолиятини бошлаган эди. У шу пайтга қадар ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментида, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси консули бўлиб ишлаган, 2020 йилдан бери эса Бош консулхонага раҳбарлик қилган.