Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Дилшод Ахатов (қароргоҳи Берлин шаҳрида) Чехия Президенти Петр Павелга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Чехия Президентининг расмий қароргоҳи "Прага Қасри"да бўлиб ўтган ишонч ёрлиқларини топшириш маросими доирасида фахрий қоровул иштирокида тадбир ўтказилиб, Ўзбекистон байроғи кўтарилди ва мамлакатимиз мадҳияси янгради.
Суҳбат чоғида Петр Павел Ўзбекистонни Чехиянинг халқаро ҳамжамиятдаги муҳим ҳамкорларидан бири сифатида эътироф этди. Чехия раҳбари расмий Праганинг мамлакатимиз билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қизиқиши юқори эканлигига урғу берди.
У сўнгги пайтларда мамлакатларимиз ўртасида сиёсий алоқалар мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистон Президентининг Чехия бош вазири Петр Фиала билан жорий йил 13 ноябрь куни Бакудаги учрашуви ва мамлакат ташқи ишлар вазири Ян Липавскийнинг 21-22 октябрь кунлари Тошкентга ташрифи юқори даражадаги мулоқотларнинг изчил фаоллашувига замин яратишини қайд этди.
Чехия етакчиси транспорт, машинасозлик, энергетика, тиббиёт каби соҳалардаги ҳамкорлик икки томонлама манфаатли бўлишини маълум қилди. Петр Павел Ўзбекистон билан муносабатларни кўп томонлама форматда жадаллашиб бораётганига алоҳида эътибор қаратди. У Европа Иттифоқининг "Глобал дарвоза" (Global Gateway) стратегияси доирасида транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни кучайтириш бўйича ҳамкорликни олиб бориш икки минтақанинг иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Суҳбат сўнггида Чехия Президенти Петр Павел Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига муваффақият ва фаровонлик тилади.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Ахатов 2023 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчиси сифатида Германия Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Бугунги кунга қадар Дилшод Ахатов Ўзбекистоннинг Швейцария ва Чехиядаги ўриндошлик асосида элчиси ҳам ҳисобланади.