in

Қозоғистонда етти нафар Ўзбекистон фуқароси газдан заҳарланиб вафот этди

Тошкент, Ўзбекистон — 2 март куни Қозоғистоннинг Мангистау вилояти, Мунайли тумани, Баскудук қишлоғида хусусий уйда оила аъзоларининг газдан заҳарланиши оқибатида фожеа содир бўлди.

Ҳодиса жойига етиб келган қутқарувчилар ва тез тиббий ёрдам бригадалари уй ичида етти нафар инсоннинг жасадини топди, уларнинг беш нафари ёш болалар эди. Афсуски, барча жабрланувчилар воқеа жойида вафот этган.

Мангистау вилояти фавқулодда вазиятлар департаментининг дастлабки тахминига кўра, фожеага газ жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган. Расмий маълумотларга кўра, марҳумлар Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

Ҳодиса сабабларини ўрганиш ва текшириш учун Мангистау вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Ербол Избергенов раҳбарлигида махсус комиссия ташкил этилди.

Вафот этганларнинг яқинларига зарур моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади, жумладан, дафн маросимини ташкил этишда ёрдам берилади.

Мазкур ҳолат Мангистау вилояти ҳокими шахсий назорати остида.