Тошкент, Ўзбекистон — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Судларнинг фаолиятига оид конституциявий кафолатлар кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунларнинг нормалари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга Судьялар олий кенгаши таркиби, хусусан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Президент тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши белгилаб қўйиляпти. Шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги назарда тутиляпти.
Шахсларнинг нафақат давлат органлари, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Айбсизлик презумпцияси ва “Ҳабеас корпус” институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар акс этяпти.
Кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган депутат Даврон Арипов қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлар томонидан берилган таклифларнинг лойиҳада қай даражада акс этгани бўйича ҳам маълумот бериб ўтди.
Мунозараларда қайд этилганидек, Судьялар олий кенгаши раиси, раис ўринбосари ва аъзолари сайланиши суд ислоҳотларидаги муҳим қадам бўлиб, бу тажриба судлар мустақиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Моддада-модда муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.