in

Ҳайвонларни идентификация қилиш тизими жорий этилади

Тошкент, Ўзбекистон — Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Ушбу қонун лойиҳасида ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг насли ва соғлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимда жамлаш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, соҳага масъул бўлган органларнинг ваколатлари, ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларнинг ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйиляпти. Ўз ўрнида ҳайвон эгаларининг манфаатдорлиги ва масъулияти оширилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан, депутатлар берган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида ҳужжат матни маромига етказилди.

Қонун лойиҳасида ҳайвонларнинг эгаларидан тўлов ундирмасдан уларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш тартиби ва босқичларини белгилаш ҳамда ҳайвон эгаларининг ҳуқуқлари ва соҳага масъул бўлган ваколатли давлат органининг мажбуриятларини кучайтиришга қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.