Тошкент, Ўзбекистон —Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) 2024 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш каби устувор вазифалар тўғрисида тайёрланган маърузасини Қонунчилик палатасига тақдим этгани таъкидланди.
Маърузада келтирилганидек, ўтган йил мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали маҳкумларни қийноққа солишнинг олдини олиш борасида Омбудсманнинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошди.
Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор ишлар амалга оширилган.
Ҳисобот йилида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 23 минг 422 та мурожаатлар келиб тушган.
2024 йилда Омбудсман томонидан мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан давлат органлари ва идораларига, мансабдор шахсларга 182 та (2022 йилда 134 та, 2023 йилда 170 та) тақдимнома, талабнома, ариза ва даъво аризалари ҳамда хулоса шаклидаги таъсир чоралари киритилган.
Ўтган йилда Омбудсман томонидан қўлланилган таъсир чоралари 2023 йилга нисбатан 7 фоизга, 2022 йилга нисбатан 35,0 фоизга ошган. Таъсир чораларининг 140 таси ижобий ҳал этилган. Шунингдек, Омбудсман томонидан ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга 39 та (2023 йилга нисбатан 11 фоизга кўп) тақдимнома киритилган ва уларнинг 30 таси ижобий ечим топган. Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиши натижасида фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича судларга киритилган 92 та ариза ва даъво аризаларнинг 82 таси ҳал этилган.
Меҳнатга оид ҳуқуқлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши туфайли фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлари бўйича ундирилган маблағлар 1 млрд. 832,9 млн. сўмни ташкил қилган. 20 нафар фуқаро ишга тикланган, 7 та ҳолатда иш берувчининг ходимга нисбатан ноқонуний ҳаракатлари бартараф этилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф. Эшматованинг айтишича, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун билан Омбудсманнинг ҳудудлардаги иштироки кенгайтирилиши билан бирга қийноққа солиш ҳолларининг олдини олишдаги фаолияти ҳам кучайтирилган.
2024 йилда Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 902 маротаба (2023 йилда 603 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилган. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашга эришилган.
Омбудсман давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан ўзаро узвий алоқада бўлиши натижасида инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш йўлидаги вазифаларнинг ижро этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратган.
Депутатлар Омбудсманнинг 2024 йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этган маърузасида қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этишди.
Омбудсманнинг фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг янги таҳрирдаги Конституция ва бошқа қонунларда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари давомида фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, Халқ қабулхоналари билан доимий равишда биргаликда иш олиб бориш, мурожаатлар энг кўп тушган туманларда сектор раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этиш, мурожаатларнинг сабаблари билан қизиқиш лозимлиги таъкидланди.
Мажлисда сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари Омбудсман маърузаси юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.