in

UNOPS Ўзбекистондан фармацевтика маҳсулотларини харид қилишга қизиқиш билдирди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистоннинг Швециядаги элчихонаси ташаббуси билан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва БМТ Лойиҳаларни бошқариш бошқармаси (UNOPS) ижроия директори ёрдамчиси Кристин Дамкьяер ўртасида онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар беради "Дунё" ахборот агентлиги.

UNOPS — дунё миқёсида инфратузилма, соғлиқни сақлаш, харид ва лойиҳаларни бошқариш соҳаларида фаолият юритувчи БМТнинг ихтисослашган ташкилоти ҳисобланади. У давлат ва хусусий сектор билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш соҳасида барқарор ва самарали ечимларни ишлаб чиқишга кўмаклашади.

Учрашув давомида UNOPS вакили Ўзбекистон фармацевтика маҳсулотларини харид қилиш имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирди. Ўзбекистон томони мамлакат фармацевтика бозори, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳияти ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида маълумот тақдим этди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва миллий фармацевтика маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишнинг истиқболли йўналишларини ўрганишга келишиб олдилар.