in

2024-йилнинг III-чораги учун реал самарали алмашув курси (REER) индекси ҳисоблаб чиқилди

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан 2024-йилнинг III-чораги учун реал самарали алмашув курси (REER) индекси ҳисоблаб чиқилди. 

Изоҳ: ушбу индекс 10 та асосий савдо ҳамкоримиздан ташкил топган кичик гуруҳ (умумий ташқи савдо айланмасининг 70 фоизи) ва 20 та асосий савдо ҳамкоримиздан ташкил топган катта гуруҳ (83 фоизи) учун алоҳида ҳисобланди.

Таҳлил натижаларига кўра, жорий йилнинг III-чорагида икки гуруҳ бўйича ҳисобланган реал самарали алмашув курси ҳам бироз пасайди. Хусусан, 2024-йилнинг апрель-июнь ойларида ушбу индекслар мос равишда ўртача 106,4 ни ва 105,2 ни ташкил этган бўлса, июль-сентябрь ойларига келиб, мазкур кўрсаткичлар 106,1 ва 104,9 гача тушди (2019-йил январь = 100,0).

Изоҳ: Иқтисодиётда реал самарали алмашув курсининг пасайиши, бошқа омиллар ўзгармас, деб қаралганда экспорт нархларининг арзонлашиши ва импорт нархларининг қимматлашишига олиб келади. Бу эса экспорт ҳажмининг ортиши ва импорт ҳажмининг камайиши натижасида ташқи савдо балансига ижобий таъсир этиши мумкин.

2024-йилнинг III-чорагида умумий экспорт ҳажми (6,78 млрд. АҚШ доллари) ва умумий импорт ҳажми (9,60 млрд. АҚШ доллари) ўртасидаги тафовут (2,8 млрд. АҚШ доллари) 2023-йилнинг мос давридагига (4,57 млрд. АҚШ доллари) нисбатан 38,4 фоизга камайган бўлса, олтинсиз экспорт ҳажми (5,18 млрд. АҚШ доллари) ва жами импорт ҳажми ўртасидаги тафовут (4,41 млрд. АҚШ доллари) ўтган йилнинг мос давридагига (5,83 млрд. АҚШ доллари) нисбатан 24,3 фоизга қисқарган.

2024-йил III-чоракда REER индексининг пасайиши ўзбек сўмининг энг йирик савдо ҳамкорларимиз ҳисобланган Россия ва Хитой миллий валюталарига нисбатан қадрсизланиши (II-чоракдагига нисбатан мос равишда 0,86 ва 1,0 фоизга) ҳамда Туркиядаги юқори инфляция билан изоҳланади.

Йил охирига қадар сўмнинг мўътадил девальвацияси фонида реал самарали алмашув курси нисбатан барқарор даражада шаклланиши прогноз қилинмоқда. 

Умуман олганда, реал самарали алмашув курсига қуйидаги омиллар бевосита ва билвосита таъсир қилади:

– ўзбек сўмининг хорижий валюталарга нисбатан номинал алмашув курси (девальвация/ревальвация);

– ички нархлар даражаси (инфляция);

– хорижий нархлар даражаси (асосий савдо ҳамкори бўлган давлатлардаги инфляция);

– ташқи савдода асосий савдо ҳамкорларимиз ва улар ҳиссасининг ўзгариши (ташқи савдо диверсификацияси);

– фоиз ставкалари;

– давлат бюджети баланси (иқтисодиётдаги талаб).