in

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Венгрия компанияси билан сабзавот уруғи етказиб бериш ва ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Тошкент, Ўзбекистон — Айни пайтда Венгриянинг Будапешт шаҳрида бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов «ZKI LTD» компанияси раҳбари Рóберт Ласзкó билан учрашди. 

Учрашув давомида Ўзбекистонга сабзавот уруғларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан икки томонлама музокаралар олиб борилди.

Томонлар бу борадаги ҳамкорликни илмий-тадқиқот институтлари ва фермерлар ўртасида тўғридан-тўғри ташкил этиш янада тезкор ва самарали натижаларга олиб келишини алоҳида таъкидладилар. 

Қайд этиш жоизки, ҳозирги кунда Венгриянинг «Agrocontinet», «Agrohouse» ва «Caravex» компаниялари билан Ўзбекистон бозорига қовун, тарвуз, бодринг, қалампир, маккажўхори, ловия каби экинлар уруғларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Суҳбат давомида ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан истиқболли таклифлар билдирилди ва келгусида амалга ошириладиган кенг кўламли лойиҳалар бўйича келишувга эришилди.