in

Ўзбекистонда люкс тоифали The Samarkand Express туристик поезди лойиҳаси амалга оширилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуслари доирасида туризм салоҳиятини ривожлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан The Samarkand Express номли люкс тоифали туристик поездни ишга тушириш бўйича йирик инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда.

Лойиҳа 2024–2026 йилларни қамраб олади ва умумий инвестиция ҳажми 25 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 2025 йилда 10 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши режалаштирилган.

Айни пайтда биринчи люкс вагоннинг ташқи томонлари билан боғлиқ ишлар якунланган, ва у яқин кунларда Италияга юборилиб, замонавий қулайлик ва дизайн стандартлари асосида тўлиқ ички жиҳозланади.

Лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида мутасадди идоралар раҳбариятига тезкор, шаффоф ва самарали божхона расмийлаштирувини таъминлаш, шунингдек, хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича аниқ топшириқлар берилган.

The Samarkand Express Ўзбекистонда юқори даражали туризмнинг янги рамзига айланиши, шу орқали мамлакатнинг халқаро саёҳат йўналиши сифатидаги имижини мустаҳкамлаши кутилмоқда.