Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари "HESCO Maritime & Water" компанияси бошқарув директори Реза Ардестани ва ушбу компаниянинг Қоҳира филиали лойиҳа менежери Муҳаммад Абдулворис билан учрашув ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Денгиз ташувлари ва турли сув лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланувчи мазкур компания Испанияда рўйхатдан ўтган ва асосан Кўрфаз араб давлатларида фаолият юритади.
Суҳбат аввалида компаниянинг Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди. Бўлажак ҳамкорлик сув ресурсларини самарали бошқариш, замонавий ва илғор технологияларни жалб этиш ва аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш борасида янги имкониятлар очиши таъкидланди.
Компания вакиллари оқова сув тизимларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада инновацион ечимларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдиришди.
Учрашув якунида мазкур йўналишларда компания ва мамлакатимиздаги манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш юзасидан келишувга эришилди.