in

Ўзбекистонликларнинг ҳар учинчиси бир йил давомида пул жамғара олмаган — Марказий банк ва ОТБ тадқиқоти

Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистон Марказий банки ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имконияти ва молиявий саводхонлик даражасини ўрганиш мақсадида кенг кўламли тадқиқот ўтказилди.

Сўровнома мамлакатнинг Қорақалпоғистондан тортиб Тошкентгача бўлган олти ҳудудида 1200 нафар респондентни қамраб олди. Бундан ташқари, 198 нафар аёллар, ёшлар ва қишлоқ аҳолисини жалб этган фокус-группалар доирасида чуқур интервьюлар ўтказилди.

Тадқиқотнинг асосий мақсади — фақатгина рақамларни йиғиш эмас, балки молиявий тизим қандай ишлаётганини, банкоматлардан то мобил иловаларгача бўлган воситалар одамларнинг кундалик ҳаётига қай даражада интеграциялашганини амалда текшириш бўлди. Конференцияларда айтиладиган шодумон ҳисоботлар бу гал ҳаётнинг ўзида синовдан ўтказилди.

Молиявий инфратузилма нуқтаи назаридан, Ўзбекистон сўнгги йилларда МДҲ давлатлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллашга эришди. Охирги беш йилда молиявий хизматларга кириш имконини берувчи нуқталар сони қарийб 20% га ошди.

Пойтахт аҳолисининг 94% интернетдан фойдаланади, қишлоқ жойларда эса бу кўрсаткич 71%. Ҳар қанча фарқ бордек туюлса-да, у энди танқидий даражада эмас. Аммо банкоматлар ва терминаллар мавжудлиги — улар ҳақиқатан фойдаланиш учун очиқ дегани эмас: кўпинча одамлар улардан қандай фойдаланишни билмайди ёки буни зарур деб ҳисобламайди.

Энг асосий кўрсаткичлардан бири — жамғарма. Сўнгги бир йил ичида сўровда қатнашганларнинг 39% умуман пул жамғара олмаган. Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 54% га, ишсизлар орасида — 52%, ёшлар орасида — 47% га етади. Лекин одамда иш ёки таълим бўлса, манзара ўзгаради: олий маълумотлиларнинг фақат 27% пул жамғара олмаган, 8–9 синфни тугатганлар орасида эса бу кўрсаткич 53%. Демак, энг камида барқарорлик бўлса, молиявий хавфсизликни таъминлаш имкони пайдо бўлади.

Кредитларга келсак, сўровда қатнашганларнинг тахминан 30% сўнгги бир йилда қарз олган, лекин шуларнинг фақат 12% банкидан фойдаланган. Қолганлари ҳали ҳам дўст ва қариндошларга таянишади — бу банк тизимига ишонмасликдан эмас, балки банкдаги жараёнлар мураккаблиги сабаб. Шунга қарамасдан, ишли ва маълумотлилар орасида расмий кредитлар тобора одатий ҳолга айланмоқда: ишлаётганлар орасида кредит олганлар улуши — 28%, олий маълумотлилар орасида — 19%. Бу — тизим ишлаяпти, лекин ҳозирча муайян доирадагилар учун, дегани.

Пенсионерлар ва ишсизлар ҳали ҳам расмий кредит тизимидан деярли четда қолмоқда: уларнинг фақат 5% ва 7% банкидан қарз олган. Бу ерда муаммо одамларда эмас, банк тизимининг талабларида — улар кўпинча ушбу тоифани ишончли қарз олувчи деб ҳисобламайди.

Аҳолининг ҳаётида пул ўтказмалари катта ўрин тутади. Сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпроғи доимий равишда қариндошлари ёки яқинларидан пул олади: 39% — ҳар ой, яна 12% — ҳар икки ойда. Ўтказмалар аксар ҳолда картага тушса-да, 84% одам пулни дарҳол нақдлаштиради. Нақд пулга бўлган одат ҳали ҳам кучли ва яқин келажакда ўзгариши қийин. Шунга қарамай, пул олувчиларнинг 77% камида бир қисмини жамғаришга ҳаракат қилади — бу узоқ муддатли режа эмас, балки ҳаётдаги кутилмаган ҳолатларга қарши эҳтиёт чорасидир.

Тадқиқот молиявий саводхонликда ҳам жиддий камчиликларни аниқлади. Сўровда қатнашганларнинг 59% банк ҳисобварағига эга бўлса-да, фақат 7,4% уни жамғарма учун ишлатар экан. Деярли ярми молиявий иловаларини ҳимоя қилиш учун парол қўлламайди, жанубий ҳудудларда эса кўпчилик банк картаси йўқолса, нима қилишни билмас экан. Бу масъулиятсизлик эмас — аксинча, билим, ишонч ва тажрибанинг етишмаслигидир.

Ҳисоботнинг асосий хулосаси: Ўзбекистон молиявий тизими одамлар учун бегона эмас, лекин ҳали ҳам ўзиникига айланмаган. Ўзгаришлар кетаётгани аён — улар ҳар доим тизимли ёки тенг бўлмаса-да, олдинга ҳаракат бор. Эндиликда регуляторлар ва банклар ана шу ўзгаришларга қанчалик эҳтиёткор ва диққат билан ёндашишса, мамлакат молиявий тизими ҳам шунчалик тез ва кенг доирада фуқаролар учун тушунарли ҳамда очиқ бўлиб боради.