in

“Туркий давлатлар иқтисодиёти – 2024” таҳлилий нашрининг иккинчи сони тақдим этилди

Тошкент, Ўзбекистон — Озарбайжон Республикаси Иқтисодий ислоҳотлар ва коммуникациялар таҳлилий маркази (CAERC) ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) котибияти ҳамкорлигида йиллик таҳлилий нашрнинг иккинчи сони – «Туркий давлатлар иқтисодиёти – 2024» тақдим этилди. Нашр иқтисодий сиёсат бўйича туркий илмий тадқиқот марказлари тармоғи (ERCNET) доирасида тайёрланиб, минтақада транспорт ва энергетика соҳалари ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга бағишланган.

Тақдимотда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Венгриядан 35 дан ортиқ етакчи эксперт ва илмий марказлар иштирок этди. Иштирокчи давлатлар ўзларининг миллий макроиқтисодий ривожланиш, инвестиция тенденциялари ва тармоқлар бўйича эришилган устуворликларини тақдим этдилар. Ҳужжатда иқтисодиёт, транспорт ва энергетика соҳаларига оид статистик маълумотлар билан бойитилган қиёсий таҳлил мавжуд.

Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (Марказ) нашрни тайёрлашда алоҳида ҳиссаси бор. Тадқиқот доирасида экспертлар Ўзбекистоннинг иқтисодий динамикаси ва ўсиш тузилмаси жумладан, макроиқтисодий кўрсаткичлар, инвестиция тенденциялари ва институционал ислоҳотлар кенг ёритилди. Бу шарҳ Ўзбекистоннинг ТДТ минтақасида барқарор ривожланишни қўллаб-қувватловчи етакчи давлатлардан бири сифатидаги ролининг ошиб бораётганини акс эттиради.

Ўзбекистон – ТДТ барқарор ўсишининг драйвери

Нашрда Ўзбекистонга алоҳида эътибор қаратилди. Унинг ТДТ давлатлари умумий ЯИМига ҳиссаси 2024 йилда 5,5% ни ташкил этиб, 2010 йилдаги $49,8 млрд дан $115,0 млрд гача ўсган. ЯИМ тузилмаси диверсификацияланган бўлиб, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг тахминан 18,3% ни ташкил этади.

Таҳлилчилар хусусий истеъмол, инвестициялар, пул ўтказмалари, қурилиш, чакана савдо ҳамда тоғ-кон саноатидаги фаоллик ортиши билан боғлиқ барқарор ўсиш йўналишининг мавжудлигини таъкидладилар.

2024 йилда Ўзбекистонда инфляция даражаси 9,8% гача пасайди, аҳоли бандлиги даражаси барқарор сақланди ва иқтисодиётни кредитлаш кучайтирилди. Консолидациялашган бюджет танқислиги ЯИМнинг -3,3% ни ташкил этиб, бу ТДТнинг бошқа мамлакатлари билан таққосланадиган кўрсаткичдир.

Ўзбекистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ТТХИ) 2024 йилда $11,9 млрд.ни ташкил этди. Шу билан бирга, бунда $2,3 млрд. қисми ТДТ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Транспорт инфратузилмаси ва логистика

Ўзбекистонда ТДТ орасида энг юқори миллий йўл улуши мавжуд (96%) ва асфальтланган йўллар ҳиссаси 98%ни ташкил этади, бу эса муҳим транспорт йўлакларини таъминлайди. Бироқ йўллар сиғими паст (1,3 минг км ҳар бир миллион аҳолига), бу эса қишлоқ ҳудудлари учун кириш имкониятларини чегаралаб, логистика харажатларини оширади.

Темир йўл тармоғи 2018–2022 йилларда узунлиги бўйича 2,9% га ўсган, лекин сиғими ўртача даражада қолмоқда. 2022 йилда йўловчи ташиш ҳажми пандемиягача бўлган даражадан 19% камайган. Логистика самарадорлиги индексида (LPI-2023) Ўзбекистон 88-ўринни эгаллайди. Хаво алоқаси индексида (IATA, 2022) эса мамлакат 78-ўринда бўлиб, авиация соҳасини ривожлантириш зарурлигини кўрсатади.

Энергетика ва барқарорлик

Ўзбекистонда 2023 йилда энергия истеъмоли 47,6 млн тонна нефть эквивалентига тенг бўлди. Мамлакат табиий газ захиралари (1,8 трлн куб.м) туфайли энергетик жиҳатдан мустақилдир. Қайта тикланадиган энергия манбалари улуши генерацияда 9% ни ташкил қилади. Бироқ, электроэнергиянинг паст нархи (2,5 сент/кВт.соат) сақланмоқда.

Минтақавий энергетика ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболлари қайд этилган, жумладан Қирғизистон билан мавсумий электр энергияси алмашинуви, Ўзбекистон орқали транзит ва ГЭС ҳамда қуёш электр станцияларини қуриш бўйича биргаликдаги лойиҳалар.

Муҳокама ва стратегик аҳамият

Ҳисоботда Марказий коридорни ривожлантириш, транспорт жараёнларини рақамлаштириш (e-Permit жорий этиш), шунингдек божхона соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувларнинг аҳамияти таъкидланди.

ТДТ янада фаол институционал яқинлашув, стратегияларни мувофиқлаштириш ва минтақавий инфратузилмани шакллантириш учун платформага айланмоқда.

Нашр туркий минтақанинг барқарор ривожланишига қизиқувчи ҳукуматлар, тадқиқотчилар ва халқаро ҳамкорлар учун йўналишнома вазифасини бажаради ҳамда иқтисодий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва ўсишни диверсификация қилишга қаратилган узоқ муддатли лойиҳаларга сармоя киритишга тайёр томонлар учун муҳим манба ҳисобланади.