Тошкент, Ўзбекистон — Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасаларини лицензиялаш бўйича янги, қатъийлаштирилган талаблар жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 403-сонли қарорига мувофиқ, хусусий ОТМ очмоқчи бўлган аризачилар қуйидаги ҳужжат ва талабларга риоя этишлари шарт:
Таълим муассасасининг концепцияси тақдим этилиши керак. Унда номланиши, ҳуқуқий мақоми, бошқарув тузилмаси, таълим йўналишлари, қабул мезонлари, таълим сифати, контракт тўловлари, беш йиллик ривожланиш режаси ва бошқа зарур маълумотлар бўлиши лозим.
Устав жамғармаси камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт.
350 минг доллар миқдоридаги маблағ банкда депозит счётига жойлаштирилиши талаб этилади.
Таълим муассасаси 5 минг квадрат метрдан кам бўлмаган ўқув биносига эга бўлиши ёки ушбу бинони камида беш йил муддатга ижарага олган бўлиши зарур.
Фаолиятнинг биринчи беш йилида йиллик фойданинг 80%, кейинги йилларда эса 50%дан кам бўлмаган қисми таълим муассасасини ривожлантиришга йўналтирилиши шарт.
Қарор расман эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.
Бундан аввал лицензия олган муассасалар эса ўз фаолиятини янги талабларга мувофиқлаштириш учун 2026 йил 1 январга қадар зарур ўзгаришларни амалга оширишлари шарт.