Тошкент, Ўзбекистон — Термиз шаҳрида илк бор ташкил этилган “Термиз мулоқоти” Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу мулоқот юзасидан Прогрессив ислоҳотлар маркази махсус ҳужжатли фильм тайёрлади.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти, Прогрессив ислоҳотлар маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида томонидан ташкил этилди. У Ўзбекистон ташқи сиёсатида узоқ йиллардан бери олиб борилаётган очиқ мулоқот ва минтақавий ҳамкорликка асосланган ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Айниқса, Афғонистонни тинчлик ва тараққиёт жараёнларига жалб қилиш бўйича ташаббуслар энди реал самара бера бошлади. “Термиз мулоқоти” Шавкат Мирзиёев илгари сураётган яқин қўшничилик, минтақавий интеграция, Афғонистонда тинчлик, очиқ мулоқот ва транспорт-савдо боғлиқлигини ошириш каби ташаббуслар асосида ўтказилди.
Фильмнинг бош мақсади – ушбу муҳим мулоқотни ҳужжатлаштириш, иштирокчиларнинг таҳлил ва қарашларини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда Афғонистонни минтақавий тараққиётга жалб қилишга қаратилган реал саъй-ҳаракатларни кўрсатишдир. Форумда 20 дан ортиқ мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, жами 200 га яқин сиёсатшунослар, иқтисодчилар ва тадбиркорлар иштирок этди. Тадбир нафақат минтақавий интеграция масалалари, балки Афғонистонни бу жараёнга қандай қўшиш мумкинлиги ҳақидаги фикр алмашувлар учун ҳам очиқ майдон бўлди.
Форум нуфузли илмий-тадқиқот марказлари вакилларининг фикр алмашуви учун муҳим платформага айланди. Ҳужжатли фильмда Афғонистоннинг минтақадаги роли, уни сиёсий ва иқтисодий интеграцияга жалб этиш зарурати, ҳамкорлик орқали тараққиётга эришиш йўллари кенг кўрсатиб берилган. Халқаро экспертлар Афғонистоннинг геосиёсий аҳамияти, инфратузилма муаммолари, иқтисодий имкониятлари ва янги савдо йўлларининг очилиши юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе минтақанинг ўзаро боғлиқлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Хавфсизлик, иқлим ёки тараққиёт бўладими – Марказий Осиё Жанубий Осиёсиз, Жанубий Осиё эса Марказий Осиёсиз барқарор ривожлана олмайди.”
Афғонистондаги «Ҳаракат» консалтинг компанияси бошқарувчиси Фазли Ходжат эса шундай дейди: “Жанубий Осиё, Марказий Осиё ва уларнинг орасидаги Афғонистоннинг географик жойлашуви ҳам қўшимча имкониятлар яратади. Энг муҳими, фойдаланилмаган бозорлар, ёш меҳнат кучи ва мамлакатларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий жиҳатдан интеграцияга қизиқишининг ортиши буларнинг барчаси имкониятдир.”
АҚШдаги Марказий Осиё–Кавказ институти раҳбари Сванте Корнелл эса Ўзбекистоннинг Афғонистондаги ҳар қандай сиёсий тузум билан мулоқот олиб бориш қобилиятини эътироф этган ҳолда, бу тажрибанинг минтақавий барқарорлик учун муҳим экани ҳақида фикр билдирди.