in

Тошкент метросида кассалар автоматларга алмаштирилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон — Тошкент метрополитенида чипта сотиш кассалари автоматларга босқичма-босқич алмаштирилмоқда.

Метрополитен вакилларининг маълум қилишича, бу қарор йўловчилар орасида якка тартибдаги QR-чипталарга бўлган талаб кескин камайгани билан боғлиқ. Илгари йўловчиларнинг деярли ярми ушбу чипта туридан фойдаланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич бор-йўғи 6–7% ни ташкил этмоқда.

QR-кодли якка чипта нархи 3 минг сўмни ташкил этади. Шу билан бирга, банк картаси орқали валидатордан фойдаланиб йўлкира тўлаш анча арзон — 1700 сўм ва ундан камроқ, бу банк шартлари ва амалдаги акцияларга қараб ўзгариши мумкин.

Нархдаги бу фарқ йўловчиларни нақдсиз тўлов турларига ўтишга рағбатлантирмоқда.

Автоматлар жорий этилишининг дастлабки босқичида 13та метро бекатидаги биттадан вестибюльдаги кассалар алмаштирилади. Улар қуйидагилар: Мирзо Улуғбек, Халқлар Дўстлиги, Пахтакор, Ҳамза (Х. Алимжон), Пушкин, Дўстлик, Тошкент, Ойбек, Тинчлик, Шаҳристан, Бодомзор, Минор ва Алишер Қодирий.

Автоматлаштирилган чипта сотиш тизими жорий этилиши орқали метрополитенда хизмат кўрсатиш самарадорлиги ошиши ва навбатлар қисқариши кутилмоқда.