Тошкент, Ўзбекистон — 2024 йил Париждаги Олимпия ўйинлари ғолибаси Диёра Келдиёрова Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Спортчилар комиссияси аъзолигига сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар берди.
Комиссия аъзолигига бутун дунё бўйлаб 20 номзод кўрсатилган. Уларнинг беш нафари қитъа дзюдо конфедерациялари, яна тўрт нафари эса IJF Ижроия қўмитаси томонидан таклиф этилган.
Овоз бериш натижаларига кўра, комиссия таркибига тўққиз нафар спортчи сайланди. Улар қаторида Жанубий Африка, Япония, Италия, Австралия, Куба, Косово, Чехия, Озарбайжон ва Ўзбекистон вакиллари бор.
Диёра Келдиёрованинг сайланиши — унинг жаҳон дзюдосидаги юқори натижалари ва нуфузининг халқаро даражада эътироф этилишидир. У 2025–2029 йиллар орасидаги олимпия циклда Спортчилар комиссияси аъзоси сифатида спортчилар манфаатларини ҳимоя қилади ва Халқаро дзюдо федерациясининг спорт сиёсатида иштирок этади.