Тошкент, Ўзбекистон — Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Яссер Абдиҳ бошчилигидаги делегация вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ХВЖ катта иқтисодчиси Этибор Жафаров, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё билан ишлаш бўлими катта иқтисодчиси Алехандро Симоне, ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки раиси Тимур Ишметов, Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар, жумладан, макроиқтисодий кўрсаткичлар, прогнозлар, белгиланган мақсадлар ва келгусидаги режалар юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамалар давомида томонлар қуйидаги масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди:
Макроиқтисодий ривожланиш ва барқарорликни таъминлаш: ЯИМнинг ўсиши, инфлацияни барқарор равишда камайтириш;
Трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари;
Энергия бозорларини ривожлантириш, энергетика соҳасида бозор муносабатларини мустаҳкамлаш;
Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар: электр энергиясини етказиб бериш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, жумладан, замонавий аэропортлар ва йўллар барпо этиш;
Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш;
Солиқ бошқаруви ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш;
Яширин иқтисодиётга қарши курашишни жадаллаштириш.
Музокаралар давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш юзасидан келишиб олди.
