Тошкент, Ўзбекистон — Дубайда бўлиб ўтган IBA 2025 бокс бўйича жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар турли вазн тоифаларида жами тўққизта медални қўлга киритдилар.
Олтин медалларни 51 килограммгача бўлган вазн тоифасида россиялик Баир Батлаевни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳоннинг икки карра чемпионига айланган Ҳасанбой Досматов ҳамда 67 килограммгача бўлган вазнда россиялик Евгений Коолни 5:0 ҳисобида енгган Асадхўжа Муйдинхўжаев қўлга киритдилар.
Турнир якунларига кўра, Ҳасанбой Досматов мусобақанинг «Энг яхши боксчиси» деб эътироф этилди.
Кумуш медаллар 60 килограммгача бўлган вазнда россиялик Всеволод Шумковга 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган Абдумалик Халоковга, 80 килограммгача бўлган вазнда Жамбулат Бижамовга 0:5 ҳисобида ютқазган Жавоҳир Уматалиевга, 92 килограммгача бўлган вазнда Муслим Гажимагомедовга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган Турабек Ҳабибуллаевга ҳамда 92 килограммдан юқори вазн тоифасида Давид Суровга ютқазган Арман Махановга насиб этди.
Бронза медаллар 57 килограммгача бўлган вазнда тожикистонлик Хусравхон Раҳимовга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган Ҳужаназар Нортожиевга, 54 килограммгача бўлган вазнда россиялик Вячеслав Рогозинга 0:5 ҳисобида ютқазган Асилбек Жалиловга ҳамда 75 килограммгача бўлган вазнда қозоғистонлик Сабиржан Аккаликов билан ярим финал жанги жароҳат сабабли бекор қилинганидан сўнг бронза медали билан тақдирланган Фазлиддин Эркинбоевга берилди.
