in

Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистонда катта миқдордаги опий партияси билан гиёҳванд моддалар сотувчилар гуруҳини қўлга олди

Тошкент, Ўзбекистон — ДХХ Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ва ИИВ тезкор ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Нукус шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1972 й.т., муқаддам судланган маҳаллий фуқаро 9 г “опий” моддасини Шуманай туманида яшовчи, 1965 й.т. мижозга 4 млн сўмга сотган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Шунингдек, нукуслик наркосавдогарнинг ёнидан қўшимча 5 г “опий” ҳам олинди. 

Аниқланишича, у ажал оғусини ўзининг 1981 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган танишидан олган бўлиб, Хўжайли туманида давом эттирилган тезкор тадбирда мазкур шахс 20 г “опий”ни 8 млн сўмга сотган вақтида ушланди. 

Бундан ташқари, унинг ёнида бўлган сумкадан ҳам 1 кг 176 г “опий” моддаси олинди.

Маълум бўлишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.

Ҳозирда учала қонунбузарга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. 

Таъкидлаш лозимки, қонунчиликка мувофиқ бундай жиноят содир қилган шахслар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.